ЎЗБEКИСТОН РEСПУБЛИКАСИ МИЛЛИЙ ГВАРДИЯСИ ЧАВАНДОЗЛАР МАКТАБЛАРИ ЎРТАСИДА ЖАМОАВИЙ УЛОҚ-КЎПКАРИ БЎЙИЧА "МИЛЛИЙ ГВАРДИЯ ҚЎМОНДОНИ КУБОГИ" МУСОБАҚАСИ БЎЛИБ ЎТДИ

Халқимизда от минишга, кўпкари томоша қилишга қизиқмаган йигит кам бўлса керак. Отларнинг пишқириши, туёқлар дупури, чавандозларнинг шиддатли қиёфаси, баковулнинг ҳайқириғи, сон-саноқсиз томошабинларнинг қий чувига тўлган майдон завқи кишини лол қолдиради. Кўпкари оддий кўнгилочар ўйин эмас, полвон чавандозлар учун солимга қўйилган қимматбаҳо нарса эмас, аксинча, баковулнинг адолати, номдор чавандознинг абжирлиги, ҳақиқат ғалаба қозониши, омад доим мардники бўлишидадир.
Жорий йилнинг 11 ноябрь куни Тошкент вилояти ЮқориЧирчиқ тумани Фаровон МФЙда жойлашган Миллий гвардия Кавалерия эскадрони ҳудудида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Чавандозлар мактаблари ўртасида жамоавий
улоқ-кўпкари бўйича "Миллий гвардия қўмондони кубоги" мусобақаси бўлиб ўтди.
Унда Миллий гвардия Тошкент, Андижон, Фарғона, Наманган, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд ва Навоий вилоятлари Чавандозлар мактаблари жамоалари қорабайир зотли отларида иштирок этишди.
Мусобақанинг дастлаб расмий қуръа ташлаш маросимидан сўнг илк беллашув Миллий гвардия Тошкент ва Самарқанд вилоятлари Чавандозлар мактаблари жамоаларининг ўзаро беллашуви остида кечди. Беллашувнинг иккинчи ўйинида Миллий гвардия Навоий ва Фарғона вилоятлари Чавандозлар мактаблари жамоалари беллашишди. Мусобақанинг учинчи ўйинида Миллий гвардия Жиззах ва Андижон вилоятлари Чавандозлар мактаблари жамоалари ўзаро беллашган бўлса, тўртинчи ўйинда эса Миллий гвардия Сирдарё ва Наманган вилоятлари Чавандозлар мактаблари жамоалари ўзаро рақобатлашишди.
Тўда-тўда отларнинг пишқириши, қамчининг ҳавода айланиши, “ҳа, ҳалолла азамат” деб баковулнинг бақириши, қамчини этик қўнжига тиқиб олган, юган учини эгар бошига илиб улоққа узалган чавандозларнинг беллашуви шиддатли ва қизғин баҳслар остида кечди.
Мусобақанинг ярим финал баҳсларида Миллий гвардия Тошкент ва Фарғона вилоятлари Чавандозлар мактаблари жамоалари ўзаро беллашган бўлса, иккинчи ярим финал баҳсларида эса Миллий гвардия Андижон ва Наманган вилоятлари Чавандозлар мактаблари жамоалари ўзаро куч синашишди.
Қизғин беллашувларга бой бўлган кўпкари беллашувини йиғилганлар катта қизиқиш билан кузатиб боришди.
Мазкур мусобақанинг Финал баҳсларида Миллий гвардия Тошкент ва Наманган вилоятлари жамоалари чавандозларининг ўзаро беллашувлари қизғин ва муросасиз тарзда ўтиб, мусобақанинг якуний натижаларига кўра, Миллий гвардия Наманган вилояти Чавандозлар мактаби жамоаси ғалабаси билан якунланиб, иккинчи ўринни Миллий гвардия Тошкент вилояти Чавандозлар мактаби жамоаси эгаллаган бўлса, учинчи ўрин эса Миллий гвардия Фарғона вилояти Чавандозлар мактаби жамоасига насиб этди.
Шундан сўнг, 500 нафардан зиёд маҳаллий моҳир полвон чавандозлар, ҳаваскор чавандозлар ҳамда Миллий гвардия Чавандозлар мактаблари чавандозлари иштирокида ўтказилган оломон улоқ-кўпкари мусобақасида кўплаб эпчил ва чапдаст чавандозлар улоқ айирди. Маррага улоқни олиб келган моҳир чавандозлар меҳнатига яраша рағбатлантирилди. Улардан бири Миллий гвардия Сирдарё вилояти Чавандозлар мактабининг моҳир чавандози Баҳтишод Сайдалиев ўзининг "Жийрон" лақабли отида эпчиллигини, жасоратини ақл идрокини, кучлилигини ва мардлигини намойиш этди. Чавандозга гилам ва пул мукофоти топширилди.
Ушбу мусобақа мардлик, жасорат намунаси бўлган барча полвон чавандозларни бир майдонда бирлаштирди.

Бошқа хабарлар