От спортининг тентпеггинг тури бўйича халқаро семинар ва ўқув-машғулот йиғинлари ва "Очиқ эшиклар" куни бўлиб ўтди

2025 йилнинг 20-январ кунидан 30-январ кунига қадар Миллий гвардия ва Ўзбекистон Тент пеггинг федерацияси ҳамкорлигида от спортининг тент пеггинг тури бўйича халқаро семинар ва ўқув-машғулот йиғинлари ва ҳаваскор ёшлар учун "Очиқ эшиклар" куни бўлиб ўтди.

Халқаро семинар ва ўқув-машғулот йиғини якунида Миллий гвардия қўмондони ўринбосари полковник С.Мамаюсупов иштирок этди. Унда ўқув-машғулот юқори даражада ўтказилганлиги, от спортининг тентпеггинг турини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, ҳарбий хизматчилар ва спортчи ёшлар жамоалари шакллантирилганлиги, от спортининг тент пеггинг турини юртимизда янада ривожланишига, келгусидаги фаолиятларда муҳим дастур бўлиб хизмат қилиши ҳақида сўз юртти.

Шунингдек, Миллий гвардия Кавалерия эскадрони ҳудудида ташкил этилган "Очиқ эшиклар" кунида ёшларни от спортига қизиқтириш ва уларга фаол тарғиб қилиш мақсадида ҳаваскор ёшлар жалб этилди. Шу билан бир қаторда семинарда йиғилганлар ва ҳаваскор ёшлар учун Миллий гвардия Кавалерия эскадрони чавандозлари от спортининг тентпеггинг тури бўйича кўргазмали чиқишлар ва от устида жигитовка элементларини намойиш этишди.

Мазкур ўқув-машғулот йиғинида Миллий гвардия Чавандозлар мактабларининг мураббий ва спортчилари иштирок этишди. Тент пеггинг бўйича ўқув-машғулот жараёнларини Покистон Ислом Республикасидан ташриф буюрган халқаро тоифадаги мураббий ва ҳакам Муҳаммад Сафдар Али Султан назарий ва амалий тарзда олиб борди.

Ушбу ўқув-машғулотлар Миллий гвардия От спорти бўйича олий спорт маҳорати мактаби, "Универсал ҳорсес стабел" от спорти клуби ва Марказий ипподром ҳудудларида ўн кун давом этиб, унда халқаро тоифадаги мураббий ва ҳакам Муҳаммад Сафдар Али Султан тент пеггинг турини қонун қоидаларини ўрганиш, отсиз найзада ишлаш техникаси, отсиз қиличда ишлаш, от устида найзада ишлаш, от устида қиличда ишлаш, от устида ҳаракатланганда нишонга тўғри йўналиш техникаларини ва мусобақаларни ташкиллаштириш ҳамда ҳакамликка ўргатиш бўйича ўзининг билим, кўникма ва малакаларини улашди.

Халқаро ўқув-машғулот ва семинар якунида халқаро тоифадаги мураббий ва ҳакам Муҳаммад Сафдар Али Султан ва ўқув-машғуот жараёнларини мувафаққиятли тугатган иштирокчиларга Миллий гвардия қўмондони ўринбосари полковник С.Мамаюсупов ҳамда Ўзбекистон Тентпеггинг федерацияси вакиллари сертификатлар топширишди.

Бошқа хабарлар