Озарбайжоннинг Шеки шаҳрида бўлиб ўтаётган Халқаро мусобақада Ўзбекистон Човкен терма жамоаси аъзосиМиллий гвардия Тошкент шаҳар Чавандозлар мактабининг спортчиси Бердиёр Айдаров томонидан урилган ягона гол жамоамизга муҳим ғалабани тақдим этди.

2025-йилнинг 25-сентябрь куни Ўзбекистон Човкен терма жамоаси Озарбайжоннинг Шеки шаҳрида бўлиб ўтаётган халқаро Човкен мусобақасида иштирок этиш учун етиб борди. 27-сентябрь куни мусобақанинг расмий қуръа ташлаш маросими ўтказилди. Қуръа натижаларига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси “Б” гуруҳидан ўрин олиб, Қозоғистон ва Туркия терма жамоалари билан бир гуруҳга тушди.
28-сентябрь куни жамоамиз гуруҳдаги илк ўйинини Қозоғистон терма жамоасига қарши ўтказди. Муросасиз ва шиддатли ўтган учрашувда Миллий гвардия Тошкент шаҳар Чавандозлар мактабининг спортчиси Бердиёр Айдаров томонидан урилган ягона гол жамоамизга муҳим ғалабани тақдим этди. Учрашув 1:0 ҳисобида якунланди.
30-сентябрь куни гуруҳ босқичининг сўнгги ўйинида Ўзбекистон човкенчилари Туркия терма жамоасига қарши майдонга тушишди. Чавандозларимиз юксак маҳорат ва жамоавий ўйин кўрсатиб, 4:0 ҳисобида йирик ғалабага эришишди. Мазкур ўйинда Фирдавс Асралов ҳет-трик (3 та гол), Асқад Ботиралиев эса 1 та гол муаллифи бўлди.
Натижада Ўзбекистон терма жамоаси жамоавий босқични 1-ўрин билан якунлаб, ярим финал босқичига йўл олди. Катта эҳтимол билан, ярим финалда жамоамиз Баҳрайн ёки қўшни Қирғизистон терма жамоасига қарши майдонга тушади.
Терма жамоамизга мусобақанинг кейинги босқичларида омад тилаймиз!

Бошқа хабарлар