Навоийлик болажонлар ва отлар: меҳр, қувонч ва унутилмас лаҳзалар

Миллий гвардия Навоий вилояти Чавандозлар мактабида Навоий шаҳридаги 14-сон Давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчилари учун унутилмас ва мазмунли учрашув ташкил этилди. Ушбу тадбир болажонларга отлар билан яқиндан танишиш, уларнинг парвариши, одатлари ҳамда инсон ҳаётидаги ўрни ҳақида қизиқарли маълумотлар олиш имконини берди.

Саёҳат давомида тарбияланувчилар чавандозлар мактаби фаолияти билан танишиб, отларни яқиндан кузатишди, уларни меҳр билан силаб, самимий ҳиссиётларга бой лаҳзаларни бошдан кечиришди. Болажонларнинг юзидаги қувонч, ҳайрат ва беғубор табассум тадбирга ўзгача файз бағишлади. Айниқса, отларнинг мулойимлиги ва болаларга бўлган хотиржам муносабати кичкинтойларда катта таассурот қолдирди.

Мутахассислар томонидан болаларга отларни парвариш қилиш, уларга тўғри муносабатда бўлиш, озиқлантириш ва уларга ғамхўрлик кўрсатишнинг аҳамияти ҳақида содда ва тушунарли тарзда маълумотлар берилди. Бу эса тарбияланувчиларнинг нафақат билимларини бойитди, балки уларда жониворларга нисбатан меҳр-оқибат, эътибор ва масъулият ҳиссини янада кучайтирди.

Бундай маърифий ва тарбиявий учрашувлар болаларнинг табиатга, ҳайвонот оламига бўлган қизиқишини ошириш, экологик маданиятини шакллантириш ҳамда меҳр-шафқат, ғамхўрлик ва инсонпарварлик каби эзгу фазилатларни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, бундай тадбирлар болаларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, уларга янги таассуротлар улашиш ва ижобий кайфият бағишлашга хизмат қилади.

Миллий гвардия Навоий вилояти Чавандозлар мактабида ташкил этилган ушбу учрашув болажонлар учун қувончга, илиқ таассуротларга ва унутилмас хотираларга бой бўлди. Кичкинтойларнинг беғубор кулгиси, отларга бўлган самимий меҳри ва чексиз қизиқиши ушбу кунни янада мазмунли, файзли ҳамда эсда қоларли воқеага айлантирди.

Бошқа хабарлар