Президент мактаби ва Чавандозлар мактаби ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди

Ёш авлодни ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялаш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш ҳамда спортга бўлган қизиқишини янада ошириш мақсадида Термиз шаҳридаги Президент мактаби ҳамда Миллий гвардия Чавандозлар мактаби ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Мазкур меморандум икки таълим муассасаси ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, ўқувчиларнинг жисмоний ва маънавий салоҳиятини юксалтириш, уларни миллий қадриятларимиз ва анъаналаримизга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қилади.

Ҳамкорлик доирасида 2026–2027-ўқув йилида Термиз шаҳридаги Президент мактаби ўқувчиларини от спортига кенг жалб этиш, уларга чавандозликнинг ўзига хос сир-асрорларини босқичма-босқич ўргатиш, от билан муомала қилиш, уни парваришлаш ва от спорти бўйича дастлабки кўникмаларни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилади. Шу билан бирга, ўқувчилар орасида миллий от спорти анъаналарини кенг тарғиб қилиш, унинг тарихи ва бугунги кундаги аҳамиятини ёш авлодга етказиш кўзда тутилган.

Меморандум асосида ўқувчилар учун амалий ва назарий машғулотлар, маҳорат дарслари, очиқ машғулотлар, спорт тадбирлари, мусобақалар ҳамда турли маърифий учрашувлар ташкил этилади. Тажрибали мураббийлар томонидан ўқувчиларга чавандозликнинг асосий қоидалари, от спортида хавфсизлик техникаси, отни бошқариш усуллари ва спорт интизоми бўйича зарур тавсиялар бериб борилади.

Бундай машғулотлар ўқувчиларнинг нафақат жисмоний чиниқиши, балки уларда жасорат, қатъият, масъулият, интизом, чаққонлик, мувозанатни сақлаш ва тезкор қарор қабул қилиш каби муҳим фазилатларнинг шаклланишига ҳам хизмат қилади. Айниқса, от спорти ёшларни табиат ва ҳайвонот оламига меҳр, ғамхўрлик ва масъулият билан муносабатда бўлишга ундаши билан ҳам аҳамиятлидир.

Ҳамкорлик жараёнида ўқувчиларнинг қизиқиш ва қобилиятларини аниқлаш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларни спортнинг мазкур йўналишига янада кенгроқ жалб этиш ҳамда келгусида юқори натижаларга эришиши учун зарур шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратилади.

Шунингдек, ўзаро ҳамкорлик доирасида миллий от спорти, чавандозлик маданияти ва аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган от спорти анъаналарини ёшлар орасида тарғиб қилиш, уларнинг миллий қадриятларга бўлган ҳурматини ошириш ҳамда ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлашга қаратилган турли тадбирларни мунтазам ташкил этиш режалаштирилган.

Мазкур меморандумнинг имзоланиши Термиз шаҳридаги Президент мактаби ўқувчилари учун янги имкониятлар эшигини очиб, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, спортга бўлган қизиқишини ошириш ва соғлом авлодни тарбиялаш йўлида муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.

Бошқа хабарлар