Ўзбекистон Давлат байроғи қабул қилинганлигининг 33 йиллиги муносабати билан Миллий гвардия қўмондонлиги томонидан пойтахтимизда жойлашган куч тузилмаларнинг отлиқ бўлинмалари иштирокида "Отлиқ кавалерия паради" ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 5 августдаги “Ўзбекистонда йилқичилик, от спорти, замонавий бешкураш ва полони 2025 йилгача ривожлантириш давлат дастури тўғрисида”ги ПҚ-5211 сон Қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон байроғи қабул қилинганлигининг 33 йиллиги муносабати билан Миллий гвардия қўмондонлиги томонидан пойтахтимизда жойлашган куч тузилмаларнинг отлиқ бўлинмалари иштирокида "Отлиқ кавалерия паради" ўтказилди.
Ушбу парадда иштирок этадиган чавандозлар “Ўзбекистон” меҳмонхонаси автотураргоҳидан Амир Темур хиёбонини икки марта айланиб ўтиб “Ҳятт” меҳмонхонаси автотураргоҳида тўхтаб тадбирга якун ясашди.
Унда Миллий гвардия, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Йилқичилик ва от спорти федерацияси, Жамоат хавфсизлиги университети, Миллий гвардия Чавандозлар мактаблари, Миллий гвардия от спорти бўйича олий спорт маҳорати мактаби чавандозлари 100 га яқин отларда иштирок этишди.
Мазкур “Отлиқ кавалерия парадида” Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари нафақат ҳарбий формада балки, миллий ва тарихий саркардаларнинг либосларида ҳиёбон узра отларда юриб ўтишди.
Шунингдек, Миллий гвардия, Мудофаа вазирлиги ҳарбий оркесторлари жамоалари спортчиларни мусиқа садолари билан қўллаб-қувватлаб туришди.
Бу эса ўз навбатида “Отлиқ кавалерия паради”га ташриф буюрган 5 мингга яқин пойтахтимиз аҳолиси ва меҳмонларига ўзгача байрамона шукуҳ бағишлади.
Шу билан бирга фуқаролар Миллий гвардия Тошкент ва Сирдарё вилоятлари Чавандозлар мактаблари ва От спорти бўйича олий спорт маҳорати мактаби томонидан ташкил этилган ўзига ҳос миллий павилионларни томоша қилиш ҳамда Пони зотли отларда фотосураътларга тушиш имкониятига эга бўлишди.
Маълумот ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, Миллий гвардия қўмондонлиги томонидан бу каби “От паради” тадбирлари мамлакатимизда нишонланадиган расмий байрам кунлари арафасида пойтахтимизда ва республикамизнинг вилоят марказларида ҳамкор вазирлик ва ҳокимият ҳамкорлигида доимий равишда ташкиллаштирилиши анъанага айланиб улгурган.

Бошқа хабарлар