Наврўз умумхалқ байрами арафасида Миллий гвардия, Спорт вазирлиги, Улоқ-кўпкари федерацияси томонидан ҳар йили ўтказилиши анъанага айланган этно-спорт турларидан бўлган жамоавий улоқ-кўпкари бўйича навбатдаги Халқаро турнирга тайёргарлик бўйича ишчи гуруҳнинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Сурхондарё вилоятида қорабайир зотли отларни етиштириш ва оммалаштириш ҳамда от спорти турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2021-йил 5-августдаги ПҚ-5213-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосарининг 2025 йил 3-март кунидаги "От спортининг улоқ-кўпкари тури бўйича халқаро турнирни юқори даражада ўтказишга доир йиғилишининг" Баёни қабул қилинди.

Мазкур баёнда белгиланган вазифалар юзасидан бугун Спорт вазирлиги биносида, вазир ўринбосари Ш.Маҳмудов, Миллий гвардия қўмондони ўринбосари полковник С.Мамаюсуповлар раислигида жорий йилнинг 24-26 март кунлари Наманган вилояти Давлатобод туманида жойлашган Миллий гвардия Чавандозлар мактаби ҳудудида бўлиб ўтадиган улоқ-кўпкари бўйича навбатдаги Халқаро турнирининг ташкилий ҳамда ҳамкорлик масалалари бўйича маъсул вазирлик ва идоралар, ОАВ вакиллари иштирокида йиғилиши бўлиб ўтди.

Тадбир давомида тўртинчи бора ўтказилаётган улоқ-кўпкари бўйича навбатдаги Халқаро турнирда қўшни мамлакатлар Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон Республикалари ва Россия федерацияси, Венгрия ва Монголия сингари давлатларининг жамоавий улоқ-кўпкари бўйича терма жамоаларининг иштирок этиши ҳақида сўз юритилди.

Шунингдек, ушбу турнирни юқори савияда ташкил этилиши юзасидан ҳар бир ҳудуд, вазирлик ва идоралар вакилларига вазифалар белгилаб берилди. Шу билан бир қаторда “Наврўз” умумхалқ байрамимиз арафасида ўткзилаётган ушбу турнирни миллий урф одатлар ва ўйинларимиз билан халқимизга байрам шукуҳини улашган ҳолда, оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш тавсия этилди.

Бошқа хабарлар