Улоқ-кўпкари бўйича Ўзбекистон кубоги мусобақаси бўлиб ўтди
Жорий йилнинг 28-29-30-ноябрь кунлари Сирдарё вилоятининг Бовоют туманида жойлашган Миллий гвардия Чавандозлар мактабининг “Отчопар” майдонида Миллий гвардия Чавандозлар мактабларининг катта ёшдаги спортчи-чавандозлари ўртасида от спортининг улоқ-кўпкари тури бўйича Ўзбекистон кубоги мусобақаси бўлиб ўтди.
Дастлаб мусобақанинг очилиш маросими ўтказилди. Маросимда сўзга чиққанлар мусобақа иштирокчилари, меҳмонлар ва кўпкари ишқибозларини самимий табриклаб, Ўзбекистон кубогини очиқ деб эълон қилишди.
Шундан сўнг расмий қуръа ташлаш маросимида белгиланганидек илк беллашувни Миллий гвардия Тошкент ва Жиззах вилоятлари Чавандозлар мактаблари жамоалари бошлаб беришди.
Ҳакамлар 35 килограмм вазндаги улоқни тўдага ташлаганидан сўнг майдон отлар дупурига тўлди. Улоқни майдонга ташлаган баковул бутун кўпкари давомида ўйинга ҳакамлик қилди. Талатўпдан улоқни ажратиб олишнинг ўзи бўлмайди. Бунинг учун яхши от, билак кучи ва улкан тажриба керак. Отларнинг пишқириши, туёқлар дупури, чавандозларнинг шиддатли қиёфаси, баковулнинг ҳайқириғи, сон-саноқсиз томошабинларнинг қий чувига тўлган майдон завқи билан кишини лол қолдирди.
Кўпкари - бу чавандозлар баҳси. Кўпкари чопиш - чавандозларнинг от устида оммавий мусобақа шартларини бажариб, ғолиб чиқиш учун олиб борадиган кураш-жангидир деганларидек, уч кун мобайнида ўтказилган мусобақада чавандозлар ғолиблик учун курашишди. Баҳслар мусобақа қоидаларига мувофиқ олиб борилди. Ҳар бир ўйин эса 15 дақиқадан иборат бўлиб, 2 таймни ташкил этди.
Мусобақанинг ярим финал баҳсларида майдонга тушган Миллий гвардия Тошкент ва Самарқанд вилоятлари Чавандозлар мактаблари терма жамоалари 3-ўрин учун курашдилар. Кураш ўзига хос техник ва тактик маҳоратлар билан ўтди. Ҳар бир жамоаларнинг полвон чавандозлари чинакамига кучлилигини кўрсатишди.
Улоқ-кўпкари бўйича Ўзбекистон кубогининг ярим финали баҳсларида Миллий гвардия Тошкент ва Самарқанд вилоятлари Чавандозлар мактаблари терма жамоаларининг муросасиз кечган курашлари 7:5 натижаси билан якунланиб, Миллий гвардия Самарқанд вилояти Чавандозлар мактаби терма жамоаси мусобақанинг 3-ўрин соҳибига айланишди.
Қисқа танаффусдан сўнг, улоқ-кўпкари бўйича Ўзбекистон кубогининг Финал баҳсларида Миллий гвардия Тошкент ва Сирдарё вилоятлари Чавандозлар мактаблари терма жамоалари ўзига хоз курашлар олиб боришди. Ўзига хослиги шундаки, бу кураш қайси жамоа чавандозлари ғолиблик шохсупасига кўтарилишини аниқлаб бердиган ўйин эди. Бу иккала жамоаларнинг кесин, қизғин ва муросасиз тортишувлари ҳақиқатдан ҳам кучли беллашувлар остида кечди. Моҳир чавандозлар ўзларининг эпчиллигини, жасурлигини, тезкорлигини ва отларининг қанчалик эгасига итоаткор эканлигини намоён этишди.
Финал ўйини беллашуви Миллий гвардия Тошкент вилояти Чавандозлар мактаби терма жамоаси ҳисобига 4:3 натижаси билан якунланиб, улоқ-кўпкари бўйича Ўзбекистон кубогининг мутлоқ ғолибига айланишди.
Дарҳақиқат, “тўда-тўда отларнинг пишқириши, қамчининг ҳавода айланиши, “Ҳа, ҳалолла азамат” деб баковулларнинг бақириши, чавандозларга руҳ бағишлайди. Қамчини этик қўнжига тиқиб олган, юган учини эгар бошига илиб улоққа узалган чавандозни ҳеч ким шаҳдидан қайтара олмайди”.
Юқори савияда ташкил этилган беллашувлар ўзига хоз кучли тарзда бўлиб, мусобақа нзом қоидаларига мувофиқ олиб борилди. Мусобақанинг якуний натижаларига кўра:
Олтин медални Миллий гвардия Тошкент вилояти Чавандозлар мактаби терма жамоаси қўлга киритиб мусобақа ғолибига айланишди. Кумуш медалга Миллий гвардия Сирдарё вилояти Чавандозлар мактаби терма жамоаси сазовор бўлишди. Бронза медали эса Миллий гвардия Самарқанд вилояти Чавандозлар мактаби терма жамоасига насиб этди.
Ғолиб бўлган терма жамоалар чавандозларига ташкилотчилар томонидан кубок, медал, диплом ва эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.




