Деҳибаландда анъанавий улоқ-кўпкари бўлиб ўтди

Куни кеча, Навоий вилоятидаги Миллий гвардия Чавандозлар мактаби ҳамда вилоят Улоқ-кўпкари федерацияси ҳамкорлигида Нурота тумани Деҳибаланд МФЙ ҳудудида анъанавий улоқ-кўпкари мусобақаси юқори савияда ташкил этилди.

Мазкур спорт тадбири миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш, ёшлар ўртасида миллий спорт турини кенг тарғиб қилиш ҳамда чавандозлар маҳоратини ошириш мақсадида ўтказилди. Мусобақада вилоятимизнинг турли туманларидан ташриф буюрган ҳамда қўшни ҳудудлардан келган жами 250 нафарга яқин маҳаллий ва меҳмон чавандозлар фаол иштирок этдилар.

Беллашувлар қизғин ва муросасиз курашларга бой бўлиб, ҳар бир чавандоз ўзининг чаққонлиги, жасорати ва маҳоратини намоён этди. Мусобақани 1000 нафардан ортиқ томошабинлар кузатиб, миллий спортимизга бўлган қизиқиш ва эътибор яна бир бор намоён бўлди.

Тадбир якунида фаол иштирок этган чавандозлар ва ғолиблар ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирландилар. Ушбу мусобақа миллий спортимиз – улоқ-кўпкари анъаналарини янада ривожлантириш, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этди.

Бошқа хабарлар