Миллий гвардия қўмондони ўринбосари Самарқанд вилоятида барпо этилаётган Чавандозлар мактабининг янги биноси қурилиш ишлари билан танишиш мақсадида ташриф буюрди.

Ташриф давомида Миллий гвардия қўмондони ўринбосари полковник С.Д.Мамаюсупов масъул мутасаддилар ҳамроҳлигида қурилиш майдонида олиб борилаётган ишлар, лойиҳа-режа асосида амалга оширилаётган босқичлар ҳамда инфратузилмани шакллантириш жараёнлари батафсил кўздан кечирилди.

Шунингдек, Чавандозлар мактаби учун тайёрланган лойиҳа тақдимоти ҳам намойиш этилди. Тақдимот давомида марказнинг келажакдаги фаолияти, от спортини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар, спортчилар учун яратиладиган шарт-шароитлар ҳамда замонавий стандартларга мос инфратузилма бўйича маълумотлар берилди.

Полковник С.Д. Мамаюсупов от спорти мамлакатда оммалашиб бораётганини таъкидлаб, ушбу йўналишни янада ривожлантириш, ёш чавандозлар учун профессионал тайёргарлик тизимини яратиш ҳамда халқаро стандартларга жавоб берадиган спорт мажмуасини шакллантириш муҳимлигини қайд этди.

Ташриф давомида асосий эътибор отларни сақлаш ва парваришлаш учун яратиладиган шароитларга қаратилди. Мутасаддиларга отхона инфратузилмасини замонавий талаблар асосида жиҳозлаш, ветеринария хизмати сифатини ошириш ҳамда спорт отларини тайёрлаш жараёнларини илмий ёндашув асосида ташкил этиш бўйича тавсиялар берилди.

Бундан ташқари, келгусида халқаро миқёсдаги от спорти мусобақалари ва турли тадбирларни ўтказиш имкониятини яратиш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Шу мақсадда спорт мажмуасининг архитектура ечимлари, томошабинлар учун қулайликлар, хавфсизлик тизими ҳамда мусобақалар ўтказиш инфратузилмасини такомиллаштириш бўйича таклифлар илгари сурилди.

Якунда Чавандозлар мактаби қурилиши жараёнини белгиланган муддатларда ва сифатли якунлаш, барча инфратузилма элементларини замонавий талаблар асосида барпо этиш ҳамда от спортини ривожлантиришга хизмат қиладиган комплекс тизимни яратиш бўйича тегишли вазифалар белгилаб олинди.

Бошқа хабарлар