“Кичик даҳолар” орзулари отлар шижоати билан уйғунлашди: Марказий ипподромда унутилмас маҳорат дарси бўлиб ўтди

Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида жойлашган Марказий Ипподром от чопар майдонида Миллий гвардия Тошкент шаҳар Чавандозлар мактаби томонидан Яккасарой туманида фаолият юритаётган “Кичик даҳолар” хусусий мактабгача таълим муассасаси тарбияланувчилари учун қизиқарли ва мазмунли маҳорат дарси ташкил этилди.

Тадбирнинг асосий мақсади болаларни от спорти, чавандозлик санъати билан яқиндан таништириш, уларда Ватанга муҳаббат, жасорат ва спортга қизиқиш туйғуларини шакллантиришдан иборат бўлди. Маҳорат дарси давомида Чавандозлар мактабининг тажрибали мураббийлари ва чавандозлари томонидан отларни парваришлаш, уларни машғулотларга тайёрлаш ҳамда чавандозлик сир-асрорлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Шунингдек, тарбияланувчилар учун от спорти бўйича кўргазмали чиқишлар намойиш этилиб, чавандозларнинг маҳоратли ҳаракатлари болаларда катта таассурот қолдирди. Болалар отларнинг зотлари, уларнинг хусусиятлари ҳамда спорт ва хизмат фаолиятидаги ўрни ҳақида қизиқарли маълумотларга эга бўлдилар.

Тадбир давомида иштирокчиларга отлар билан яқиндан мулоқот қилиш, уларни эркалаш ва суратга тушиш имконияти яратилди. Бу эса болаларнинг ҳайвонларга меҳр-муҳаббатини янада оширишга хизмат қилди. Маҳорат дарси самимий ва кўтаринки руҳда ўтиб, тарбияланувчиларда унутилмас таассуротлар қолдирди.

Якунда “Кичик даҳолар” хусусий мактабгача таълим муассасаси раҳбарияти ва тарбияланувчилари учун ташкил этилган ушбу маърифий ва тарбиявий тадбир учун Миллий гвардия Тошкент шаҳар Чавандозлар мактаби жамоасига миннатдорлик билдирилди. Мазкур каби тадбирлар ёш авлодни жисмонан соғлом, маънан баркамол ва ватанпарвар этиб тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.

Бошқа хабарлар