Чавандозлар учун босқичма-босқич машғулотлар давом этмоқда
Қашқадарё вилоятидаги Миллий гвардия Чавандозлар мактабида ўқувчи-спортчилар билан от спортининг тўсиқлардан сакраш (конкур) йўналиши бўйича ўқув-машғулот жараёнлари тасдиқланган йиллик ва ойлик режа асосида, босқичма-босқич ташкил этилмоқда.
Машғулотлар дастлабки тайёргарлик босқичидан бошланиб, унда ёш чавандозларга от билан муомала маданияти, хавфсизлик қоидалари, отни парваришлаш ва жиловлаш кўникмалари ўргатилади. Шундан сўнг умумий жисмоний тайёргарлик машқлари — чидамлилик, эпчиллик, мувозанат ва тезкорликни ривожлантиришга қаратилган машғулотлар олиб борилади.
Кейинги босқичда спортчилар махсус тайёргарликка ўтиб, паст баландликдаги тўсиқлардан тўғри ва хавфсиз сакраш техникасини ўзлаштирадилар. Мураббийлар назорати остида от ва чавандоз ўртасидаги уйғунликни мустаҳкамлаш, сакраш вақтида тўғри ҳолатни сақлаш, масофани тўғри ҳисоблаш каби муҳим жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилади.
Юқори босқич машғулотларида эса мураккаб маршрутлар, комбинацияланган тўсиқлар ҳамда мусобақа шароитига яқинлаштирилган машқлар бажарилади. Бу жараёнда спортчиларнинг психологик тайёргарлиги, тезкор қарор қабул қилиш қобилияти ва масъулият ҳиссини ошириш ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Машғулотлар давомида замонавий услуб ва методикалардан фойдаланилиб, ҳар бир ўқувчи-спортчининг индивидуал имкониятлари инобатга олинади. Натижада ёш чавандозлар нафақат спорт маҳоратини ошириб бормоқда, балки интизом, жасорат ва ватанпарварлик руҳида тарбияланмоқда.



