Навоий вилоятида фаолият юритаётган Рус Миллий маданият маркази аъзолари яқинда Миллий гварди Чавандозлар мактабига ташриф буюришди.
Навоий вилоятида фаолият юритаётган Рус Миллий маданият маркази аъзолари Миллий гварди Чавандозлар мактабига ташриф буюришди. Ушбу ташриф икки томонлама маданий ва маънавий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Тадбир давомида меҳмонлар Чавандозлар мактабининг фаолияти билан яқиндан танишдилар. Уларга от спортининг ўзига хос жиҳатлари, чавандозлик санъати, ҳарбий тайёргарлик жараёнлари ҳамда Миллий гвардия тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Айниқса, чавандозларнинг маҳоратли чиқишлари ва отлар билан уйғун ҳаракатлари ташриф буюрувчиларда катта таассурот қолдирди.
Рус Миллий маданият маркази вакиллари ушбу ташриф орқали мамлакатимизда турли миллат ва элатлар ўртасидаги дўстлик, ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳурмат муҳитининг юксак даражада эканини яна бир бор ҳис этдилар. Улар Миллий гвардия тизимида ёшларни тарбиялаш, уларни жисмонан ва маънан баркамол этиб вояга етказиш борасида амалга оширилаётган ишларни юқори баҳоладилар.
Ташриф якунида томонлар бундай учрашувларни келгусида ҳам давом эттириш, маданий ва маърифий ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича ўзаро фикр алмашдилар. Бу каби тадбирлар жамиятда миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш, ёшлар қалбида Ватанга садоқат ва фахр туйғуларини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.




