Наманганда катта улоқ-кўпкари бўлиб ўтди

Куни кеча, 22-ноябрь шанба куни Миллий гвардия Наманган вилояти бўйича бошқармаси, Миллий гвардия Чавандозлар мактаби ҳамда Ўзбекистон Улоқ-кўпкари федерацияси вилоят бўлими ҳамкорлигида Чавандозлар мактаби ҳудудида катта улоқ-кўпкари мусобақаси ўтказилди.

Кўпкари мусобақасида иштирок этиш учун Қирғизистон Республикаси ҳамда республикамизнинг барча вилоятларидан моҳир чавандозлар ташриф буюришди.

Ҳакамлар 55кг вазндаги улоқни тўдага ташлаганидан сўнг майдон юзлаб отлар дупурига тўлди. Улоқни майдонга ташлаган баковул бутун кўпкари давомида ўйинга ҳакамлик қилди. Талатўпдан улоқни ажратиб олишнинг ўзи бўлмайди. Бунинг учун яхши от, билак кучи ва улкан тажриба керак.

Отларнинг пишқириши, туёқлар дупури, чавандозларнинг шиддатли қиёфаси, баковулнинг ҳайқириғи, сон-саноқсиз томошабинларнинг қий чувига тўлган майдон завқи билан кишини лол қолдирди.

Ҳақиқатдан ҳам тўда-тўда отларнинг пишқириши, қамчининг ҳавода айланиши, “Ҳа, ҳалолла азамат” деб баковулларнинг бақириши, чавандозларга руҳ бағишлайди. Қамчини этик қўнжига тиқиб олган, юган учини эгар бошига илиб улоққа узалган чавандозни ҳеч ким шаҳдидан қайтара олмайди.

Улоқ-кўпкари - бу чавандозлар баҳси. Кўпкари чопиш - чавандозларнинг от устида оммавий мусобақа шартларини бажариб, ғолиб чиқиш учун олиб борадиган кураш-жангидир.

Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди. Мазкур тадбир миллий спортимизни кенг тарғиб қилиш, баҳодир чавандозлар ўртасида мардликни жасурликни шижоатни оширишга хизмат қилди.

Бошқа хабарлар