“Жалолиддин Мангуберди” номидаги ҳарбий-академик лицей ўқувчилари Миллий гвардия Чавандозлар мактабига ташриф буюрди

Урганч шаҳрида жойлашган Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги “Жалолиддин Мангуберди” номидаги ҳарбий-академик лицей ўқувчилари Миллий гвардия Чавандозлар мактабига ташриф буюриб, чавандозлик билан яқиндан танишдилар.

Бу ташрифни оддий экскурсия эмас, балки икки таълим муассасаси ўртасидаги амалий ҳамкорликнинг бир кўриниши сифатида баҳолаш мумкин.

Ташриф аввалида ўқувчилар махсус отхоналарга кириб, спорт отларининг сақланиш шароитлари, уларнинг кундалик парвариши ва озиқлантириш тартиби билан танишдилар. Мутахассислар уларга ҳар бир отнинг алоҳида тайёргарлик даражаси, характери ва вазифасига қараб парвариш қилиниши ҳақида батафсил тушунтириб беришди. Ўқувчилар отларнинг тозалиги, уларни парвариш қилиш жараёни ҳамда ветеринария назоратининг аҳамиятини қизиқиш билан кузатдилар.

Кейинги босқичда лицей ўқувчилари чавандозлар томонидан қўлланиладиган от анжомлари — эгарлаш жиҳозлари, жилов, узанги, ҳимоя воситалари ҳамда махсус от анжомлари билан танишдилар. Уларга ҳар бир анжомнинг вазифаси, отни бошқаришдаги ўрни ва хавфсизликни таъминлашдаги аҳамияти батафсил тушунтирилди.

Шундан сўнг ўқувчилар от миниш жараёнини бевосита кузатишди. Тажрибали чавандозлар отга чиқиш, уни бошқариш, ҳаракатлантириш ва турли машқларни бажариш техникасини намойиш этдилар. Баъзи ўқувчилар эса инструкторлар назорати остида от миниб кўриш имконига эга бўлиб, чавандозлик маҳоратининг мураккаб ва масъулиятли жиҳатларини амалда ҳис қилдилар.

Бундай ҳамкорлик интизом, жисмоний тайёргарлик ва от билан ишлашда ўзаро ишончнинг муҳимлиги алоҳида таъкидланди. Лицей ўқувчилар учун ушбу экскурсия нафақат қизиқарли, балки ҳарбий хизматга бўлган қизиқишни янада оширувчи муҳим тажриба бўлди.

Бошқа хабарлар