Бугун Миллий гвардия қўмондонлиги анжуманлар залида Ўзбекистон Тентпеггинг федерацияси билан ҳамкорликда навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтди
Мазкур йиғилиш Миллий гвардия қўмондони ўринбосари полковник С.Мамаюсупов раҳбарлигида олиб борилди. Унга кўра, федерация раҳбарияти таркибига тавсия этилган номзодларнинг рўйҳатлари тақдим этилди. Овозга қўйиш натижасида Б.Газиев федерация раиси этиб тайинланди. Шунингдек, федерация администрацияси таркиби ҳам овоз бериш йўли билан тасдиқланди.
Б.Газиев масъулиятли вазифани бажаришга киришар экан, келгусида от спортининг тентпеггинг турини халқаро спорт ареналарига олиб чиқиш борасидаги режалари билан бўлишди.
Таъкидлаб ўтиш жоизки, Тентпеггинг - қадим замонлардан бери маълум бўлган спорт тури бўлиб, Халқаро от спорти федерацияси томонидан тан олинган ўнта йўналишдан биридир. Ушбу спорт турида от чоптириб кетаётган чавандоз қўлидаги найза ёки қилични ердаги кичик буюмга (расмий номи «чодир қозиғи», инглиз тилида тент пег) санчиб, уни қуролнинг учига илиб олиши керак.
Йиғилиш давомида Миллий гвардия Чавандозлар мактабларида тентпеггинг турини янада ривожлантириш, иқтидорли спортчиларни саралаш ишларига эътибор қаратиш, чавандозлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, мамлакатимиз бўйлаб от спорти турлари бўйича мусобақаларни ўтказиш мақсадида ҳудудий бўлимлардаги ишларни янада жонлантириш лозимлиги айтиб ўтилди.
Ушбу ташкилотнинг асосий мақсади тентпеггинг спорт турини ривожлантириш ва оммалаштириш, мазкур спорт орқали аҳоли, айниқса ёшларни от спортига қизиқтириш, тентпеггинг ҳамда бошқа от спорти турларини халқаро спорт ареналарида юртимиз байроғини кўкларга кўтаришдан иборат.