Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида жойлашган Миллий гвардия Қорабайир отчилик мажмуасида “Ўзбекистон отлари” нуфузли кўргазмаси юқори савияда бўлиб ўтди
Мазкур нуфузли "Ўзбекистон отлари" кўргазмаси Давлатимиз раҳбарининг "Чавандозлар мактаблари фаолиятини ташкил этиш сҳора-тадЬирлари тўғрисида" 2021-йил 5-августдаги ПҚ-5212-сон қарорига мувофиқ амалга оширилиб, унда сайёҳлик йўналиши бўйича, от спорти турлари бўйича мусобақаларни ўтказиш, Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини ошириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда миллий маданият ва анъаналарни кенг жамоатчиликка тарғиб қилиш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилган.
Хусусан, бугунги бўлиб ўтган нуфузли кўргазмага хорижий давлатлардан жумладан, Испания, Германия ва Хитой давлатларидан келган 100 нафарга яқин сайёҳлар шунингдек, 1000 дан ортиқ маҳаллий аҳоли айниқса ёшлар ҳамда ОАВ ходимлари ташриф буюришди. Сайёҳлар дастлаб, миллий анъаналарга хос бўлган миллий қадриятлар санъатига чуқур ҳурматларини билдиришди. Уларнинг таъкидлашича, миллий меросимизнинг ажралмас қисми бўлган Қорабайир отларини, Самовий арғумоқларни, миллий либослардаги чавандозларни ва ҳар бир отда мужассам бўлган азалий тарихимизни кўриши ҳамда Ўзбекистон отларининг қай даражада парваришланиши ва миллий маданиятимизнинг бойлиги уларда катта таассурот қолдирди.
Шундан сўнг, тадбирнинг асосий қисмида Миллий гвардия Чавандозлар мактаблари, Сурхондарё вилояти Қорабайир отлари маҳорати мактаби, Қашқадарё вилояти Қорабайир отчилик мажмуасида боқилаётган Жаҳон ареналарида моҳир чавандозларимиз билан биргаликда чемпионликни эгаллаб, юртимиз шаънини муносиб ҳимоя қилган миллий меросимизнинг ажралмас қисми бўлган ноёб саналувчи Самовий арғумоқлари - Қорабайир, Ахалтеке ва хорижий давлатлар от зотлари намойиш этилди. Намойиш давомида ҳар бир спорт отларининг туғилиш тарихи, парвариши ва спортдаги ўрни ҳақида атрофлича маълумотлар бериб ўтилди.
Шунингдек, тадбир мобайнида чавандозлар иштирокида от спортининг улоқ-кўпкари бўйича жамоаси, от устида кураш жамоаси ва Ўзбекистон Поло федерациясининг Аёллар поло лигаси жамоаларининг кўргазмали чиқишлари билан бир қаторда кўргазма майдонида меҳмонлар учун махсус ташкил этилган бурчакларда отларга оид миллий ҳунармандчилик наъмуналари, миллий лапарлар санъати, тарихий экспонатлар ҳам намойиш этилди.
Кўргазма янада юқори савияда ўтиши ва ташриф буюрган меҳмонларга хуш кайфият улашиш мақсадида саҳнага янада кўрк берган Миллий гвардия Маънавият ва маърифат марказининг Ашула ва рақс ансамбли ҳамда Қашқадарё вилояти хонандаларининг ажойиб ва тантановор куй қўшиқлари, Миллий гвардия Кавалерия эскадрони чавандозларининг жигитовка - от устида акробатика элементлари ҳамда Миллий гвардия От спорти бўйича олий спорт маҳорати мактаби чавандоз қизларининг кўргазмали чиқишлари тадбир шукуҳини янада авж олдирди.
Ҳақиқатдан ҳам бугунги кўргазмада ҳар бир отлар - бу бир афсона эканлиги, ҳар бир юган - бу бир санъат асари эканлиги, миллий қадриятлар эса бу бир азалий таримиз эканлиги яққол намоён этилди. Бу нафақат кўргазма, бу - миллий ғуруримизнинг тантанаси бўлди десак муболаға бўлмайди.
Таъкидлаб ўтишимиз керакки, ушбу нуфузли кўргазманинг асосий мақсади – миллий отчилик меросини сақлаш, ёш авлодга етказиш ҳамда Ўзбекистоннинг бу борадаги салоҳиятини дунёга танитишдан иборат бўлди.