Қашқадарё вилоятининг Еттитом МФЙ ҳудудида улоқ-кўпкари мусобақаси ташкил этилди
Куни кеча, Қашқадарё вилоятининг Еттитом МФЙ ҳудудида катта шукуҳ билан анъанавий улоқ-кўпкари мусобақаси ташкил этилди. Ушбу томошавий ва миллий руҳият билан ўтказилган мусобақада Косон, Муборак, Касби, Кўкдала, Қамаши ҳамда Чироқчи туманларининг энг моҳир, тажрибали ва дадил полвон чавандозлари ўз маҳоратларини намойиш этишди.
Шунингдек, Миллий гвардия Чавандозлар мактабининг малакали спортчилари ҳам баҳсга қўшилиб, беллашувга янада юқори рақобат ва қизиқиш бағишлади. Томошабинлар эса баҳодир чавандозларнинг чаққонлиги, отларнинг жадал ҳаракатлари ва кураш жараёнидаги ҳаяжонли дақиқалардан завқ олишди.
Ушбу мусобақа нафақат спорт байрами, балки миллий қадриятларимизни тарғиб этиш, ёшларни баҳодирлик, матонат ва жисмоний тайёргарликка ундашга хизмат қилган муҳим тадбир сифатида эътироф этилди.




