“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Миллий гвардия Хоразм вилояти бўйича бошқармаси ва Чавандозлар мактаби ҳамкорлигида кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди
Атроф-муҳитни асраш, яшил ҳудудларни кенгайтириш ва экологик мувозанатни таъминлаш мақсадида республикамиз бўйлаб “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Мазкур ташаббус доирасида Миллий гвардия Хоразм вилояти бўйича бошқармаси ва Чавандозлар мактаби ҳамкорлигида кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди
Хусусан, куни кеча Миллий гвардия Хоразм вилояти бўйича бошқармаси томонидан Чавандозлар мактаби ҳудудида кенг кўламли кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди. Тадбир давомида 600 дан ортиқ мевали дарахтлар шунингдек, 2000 дан зиёд манзарали дарахт ва буталар экилди.
Мазкур ташаббус нафақат ҳудудни ободонлаштириш ва экологик ҳолатини яхшилашга, балки ёш авлодга табиатга эътибор ва меҳр туйғусини сингдиришга ҳам хизмат қилади. Лойиҳа давомида ходимлар ва ҳарбий хизматчилар фаол иштирок этиб, дарахт экишнинг барча агротехник қоидаларига амал қилдилар.
Шунингдек, кўчат экиш жараёнида тупроқ сифатини яхшилаш, суғориш тизимларини тартибга солиш ва парваришлаш ишлари ҳам ташкил этилди. Экилган дарахтлар келгусида Миллий гвардия Чавандозлар мактаби ҳудудининг янада гўзал, соя-салқин ва экологик жиҳатдан соғлом масканга айланишига хизмат қилади.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги бундай тадбирлар Хоразм вилоятининг барча туман ва шаҳарлари бўйлаб изчил давом эттирилмоқда.




