От спортининг Поло тури бўйича хотин-қизлар ўртасида “Адолат Аёллар Арена Поло Кубоги 2025” илк тарихий мусобақа бўлиб ўтди.

Бугунги Миллий гвардия От спорти бўйича республика олий спорт маҳорат мактабида бўлиб ўтган мазкур мусобақада Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати, Миллий гвардия қўмондонлиги, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон Поло федерацияси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Адолат социал-демократик партияси, Жамоат хавфсизлиги университети, Халқаро Поло Федерацияси, Миллий гвардия Чавандозлар мактаби ҳамда бошқа мутасадди идора ва ташкилот масъуллари иштирок этишди.

Дастлаб тадбир бошида сўзга чиққанлар ушбу мусобақа келгусида анъанавий тарзда ўтказилиб, аёллар ўртасида Поло спортини янада оммалаштиришга хизмат қилишини таъкидлашди.

Мусобақада Чилонзор поло жамоаси, Яккасарой поло жамоаси, Жамоат хавфсизлиги университети поло жамоаси, Адолат поло жамоаси истеъдодли чавандозлари иштирок этиб, ўз маҳорати, жисмоний тайёргарлиги ва жамоавий ўйиндаги уйғунлигини намойиш этди. Мусобақа юқори савияда ўтказилиб, томошабинлар ва мутахассислар томонидан илиқ кутиб олинди.

Мусобақа давомида Жамоат хавфсизлиги университети оркестрлари томонидан ижро этилган жўшқин куй-қўшиқлар тадбирга алоҳида байрамона руҳ бағишлади. Шунингдек, университет курсантларининг қўл жанги бўйича кўргазмали чиқишлари томошабинларда катта қизиқиш уйғотиб, уларнинг жисмоний тайёргарлиги, интизоми ва маҳоратини яққол намоён этди. Ушбу чиқишлар спорт мусобақаси билан уйғунлашиб, тадбирнинг мазмунини янада бойитди ҳамда томошабинларга унутилмас таассурот қолдирди.

Мусобақанинг якуний натижаларига кўра, биринчи ўринни Чилонзор поло жамоаси қўлга киритди. Иккинчи ўринни Жамоат хавфсизлиги университети поло жамоаси эгаллашди. Учинчи ўринга эса Яккасарой поло жамоаси ҳамда Адолат поло жамоаси муносиб деб топилди.

Ғолиб жамоалар ташкилотчилар томонидан кубок, диплом, медал ва эсдалик совғалари билан муносиб тақдирландилар.

Ушбу тарихий тадбир мамлакатимизда аёллар спортини ривожлантириш, от спортига бўлган қизиқишни ошириш ҳамда хотин-қизларнинг профессионал ва ҳаваскор даражада иштирокини қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилди.

Бошқа хабарлар