Бугун, пойтахтимизнинг Миробод туманида жойлашган Марказий Темир йўлчилар маданият саройида Ўзбекистон Йилқичилик ва от спорти федерациясининг 2025-йил якуни сарҳисобининг тақдирлаш маросими тантанали равишда ўтказилди.
Тадбирда от спортининг тўсиқлардан сакраш, учкураш, от йўрттириш, човкен, тент пеггинг, от устида камондан ўқ отиш, жигитовка ва туялар турлари бўйича йил давомида амалга оширилган чора-тадбирлар, ташаббуслар, самарали меҳнат кўрсаткичлари ҳамда жамоадаги фидокорона хизматлар алоҳида эътироф этилди.
Тадбирда иштирокчилар йил якуни бўйича эришилган натижалар билан танишдилар, шунингдек, жамоа аъзоларининг жаҳон ареналаридаги муваффақиятлари билан бўлишишди ва янги ғоялар устида муҳокама олиб бориш имконига эга бўлдилар. Келгуси йил учун мақсад ва устувор йўналишлар ҳам белгилаб олинди.
Маросим доирасида энг фаол ходимлар ва жамоалар “Йилнинг энг яхши спортчиси”, “Йилнинг энг яхши жамоаси”, “Йилнинг энг яхши тренери,” “Йилнинг энг яхши аёл спортчиси”, “Йилнинг энг яхши эркак спортчиси”, мусобақаларни ўтказишда “Йилнинг энг яхши вилояти” номинацияси бўйича Миллий гвардия Андижон, Бухоро, Қашқадарё ва Сирдарё вилоятлари Чавандозлар мактаблари тақдирландилар.
“Йилнинг энг яхши Чавандозлар мактаби” номинацияси билан эса Миллий гвардия Самарқанд вилояти Чавандозлар мактаби тақдирланди. Шунингдек, “От спортининг фахрий спортчилари” ҳамда “Йилнинг истиқболли ёшлари” кўкрак нишонлари ўз эгаларига топширилди.
Шунингдек, Жигитовка спорт тури бўйича “Йилнинг энг яхши жамоаси” номинацияси билан Миллий гвардия Кавалерия эскадрони жамоаси тақдирланишди.
Ушбу тадбир йил давомида қилинаётган меҳнатнинг муносиб қадрланиши, жамоадаги мотивацияни янада ошириш ва келгуси йилда юқори марраларни забт этиш учун мустаҳкам замин яратди.




