Бугун 11-декабрь куни, Миллий гвардия Маънавият ва маърифат марказида Миллий гвардия Чавандозлар мактаблари директорлари билан 2025-йил сарҳисоби бўйича навбатдаги кенгаш йиғилиши бўлиб ўтди
Йиғилишда Давлатимиз раҳбарининг 2021-йил 5-августдаги “Чавандозлар мактаблари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5212-сон қарорида Миллий гвардия Чавандозлар мактаблари томонидан от спорти турларини аҳоли ўртасида энг оммавий спорт турларидан бирига айлантириш, иқтидорли ёшларни танлаш, саралаб олиш (селекция) ва уларни профессионал спортчилар сифатида тайёрлаш, ушбу спорт турлари ривожланишининг яқин ва узоқ муддатли истиқболларини белгилаш ва оммалаштириш, улар бўйича миллий терма жамоамизнинг Олимпия ва Паралимпия, Осиё ва Параосиё ўйинларида, жаҳон чемпионатларида ва бошқа йирик мусобақаларда иштирок этиши ва юқори натижаларга эришилишини таъминлаш кўзда тутилганлиги алоҳида эътироф этилди.
Кенгаш йиғилишининг асосий мақсади ҳудудлардаги Миллий гвардия Чавандозлар мактабларининг долзарб масалалари, уларнинг 2025-йил давомида ҳудудларда от спортини ривожлантириш бўйича амалга оширган ишлари, йил давомида эришган ютуқлари ва натижалари, Чавандозлар мактабларига жалб этилган ўқувчи ва талаба ёшлар, мактаблардаги ўқувчи спортчиларнинг эришган натижалари бўйича Ўзбекистон Миллий терма жамоа аъзолигига қабул қилиниши, спорт устасига номзод, спорт устаси ҳамда Халқаро тоифадаги спорт устаси даражаларини олишлари, йилқичиликда наслчилик ишларини такомиллаштириш, миллий меросимиз бўлган Қорабайир зотли отларни кўпайтириш, қолаверса бундан ташқари, Иппотерапия (отлар ёрдамида касалликларни даволаш) услуби ёрдамида тиббий-ижтимоий реабилитация қилиш бўйича босқичма-босқич олиб борилаётган жисмоний машғулотлардан иборат бўлди.
Шунингдек, йиғилиш давомида келгуси 2026-йил учун белгиланган вазифалар, машғулотлар сифатини ошириш тизимини янада такомиллаштириш ва ривожлантириш йўлида ўқувчи-спортчиларга энг янги усулларни қўллаган ҳолда замонавий билим ва кўникмаларни ўргатиш, мураббийларнинг малака ва билимларини орттиришга қаратилган устувор йўналишларни белгилаш, жойларда ёшлар орасидан иқтидорли спортчиларни танлаб олишга (селекция) жараёнига инновацион шакллар ва усулларни жорий этишга қаратилган бир қатор вазифалар белгилаб олинди. Йиғилиш якунида эса аниқ топшириқлар берилиб, уларнинг ижроси бўйича масъуллар белгиланди.
Шу билан бир қаторда йиғилиш доирасида Миллий гвардия Тошкент шаҳар Чавандозлар мактаби, Ўзбекистон Камондон отиш федерациясининг Тошкент шаҳар ҳудудий бўлими базаси ҳамда Миллий гвардия марказий девони музейига экскурсиялар ташкил этилди.
Экскурсиялар давомида иштирокчиларга ушбу масканларнинг фаолияти, тарихий аҳамияти ва янги авлод чаавндозлари ва сапортчилари тарбиясидаги ўрни ҳақида батафсил маълумотлар бериб ўтилди.
Мазкур йиғилишда Миллий гвардия марказий девони, Ўзбекистон Йилқичилик ва от спорти федерацияси, Миллий гвардия Чавандозлар мактаблари, Миллий гвардия От спорти бўйича республика олий спорт маҳорати мактаби ҳамда Қашқадарё вилоятидаги Миллий гвардия Қорабайир отчилик мажмуаси мутасадди вакиллари иштирок этишди.




